Табиий заҳиралар ҳамманинг мулки!

Табиий заҳиралар ҳамманинг мулки: ягона чора уни тежаш. Бугун дунё аҳолисининг тўртдан уч қисми экологик қарздор.

Сиз, Биз нима қила оламиз? Шунчаки ишхона ва уйдаги электр захираларини тежанг. Бу аслида умуман қийин эмас. Бироқ ҳар биримиз учун манфаатли ишдир. Қурилма ишлатилмаганда электр симини тармоқдан узинг.

Кўпчилик электр тармоғига уланган қурилмалар қанча электр энергиясини сарфлашини билмайди. Масалан, ўчиқ телевизорлар, компьютерлар, зарядланган телефонлар. Улар сарфлайдиган электр энергияси миқдори оз, бироқ узоқ муддат уланган ҳолатда турганда бундай деб бўлмайди.

Кундалик одатларингизни ўзгартиринг! Энергияни тежаш учун, керак бўлмаганда, чироқларни ёки қурилмаларни ўчиринг. Электр чойнакда фақатгина ўзингиз учун зарур бўлган сувни қайнатинг. Компьютерингизда кутиб туриш функциясини фаоллаштиринг. Кондиционерингизни ишга туширганингизда, ойналарни ёпиб қуйинг.

Жаҳон ташкилотлари ҳисоботларидан бирида “Агар биз дунё табиий заҳиралардан ҳозирги даражада фойдаланишда давом этсак, келгуси ўттиз йил мобайнида ҳаётий эҳтиёжларимизни қондириш учун яна бир сайёрага баробар заҳира керак бўлади”, дейилган эди.

Биз яна бир сайёрага баробар заҳирани тўплай олмаймиз. Кўпчилик бўлиб қила оладиган ягона чорамиз уни тежаш ва асраб-авайлаб ишлатишдир. Айни шу мақсадда, юртимизда энергоресурслардан оқилона фойдаланишни таминлаш мақсадида жорий йилнинг 16 апрелида
“Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сон Ҳукумат қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан энергоресурслар билан боғлиқ бир қатор янгиликлар жорий қилинмоқда, хусусан:

1. Маиший истеъмолчилар учун ижтимоий меъёрлар белгиланди.

Қарор билан, 1 майдан бошлаб маиший истеъмолчилар (аҳоли хонадонлари) учун қуйидагича ижтимоий (базавий) меъёрлар киритилади:

электр энергияси – ойига 200 kWh’гача;

табиий газ (март–октябрь ойларида) – ойига 100 кубометргача;

табиий газ (ноябрь–февраль ойларида) – ойига 500 кубометргача.

Географик ва иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида иситиш мавсуми республиканинг бошқа ҳудудларидан фарқли равишда октябрь–февраль ойлари деб белгиланди.

2. 2024 йил 1 майдан янги тарифлар кучга киради

Электр энергияси учун

Маиший истеъмолчилар учун тарифлар (1 kWh учун, ойига):

— 200 kWh’гача – 450 сўм (ҳозирда 295 сўм);

— 201 kWh’дан 1000 kWh’гача – 900 сўм;

— 1001 kWh’дан 5000 kWh’гача – 1350 сўм;

— 5001 kWh’дан 10 000 kWh’гача – 1575 сўм;

— 10 001 kWh’дан кейин – 1800 сўм.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар белгиланган тарифларнинг 50 фоизи миқдорида тўлашда давом этади.

Ҳисоб-китобларга кўра битта хонадонда 11 турдаги электр жиҳозлари ишлатилганида бир ойда ўртача 180 kWh энергия сарфланади.

Табиий газ учун

Иситиш мавсумида – ноябрь-февраль ойларида аҳоли хонадонлари учун табиий газ тарифлари (1 кубометр учун, ойига):

— 500 кубометргача – 650 сўм (ҳозирда 380 сўм);

— 501 кубометрдан 2500 кубометргача – 1500 сўм;

— 2501 кубометрдан 5000 кубометргача – 1950 сўм;

— 5001 кубометрдан 10 000 кубометргача – 2275 сўм;

— 10 001 кубометрдан кейин – 2600 сўм.

Ҳисоб-китобларга кўра битта хонадонда бир ойда ўртача
500 куб/метр табиий газ ишлатилади.

Март–октябрь ойларида:

— 100 кубометргача – 650 сўм;

— 101 кубометрдан 2500 кубометргача – 1500 сўм;

— 2501 кубометрдан 5000 кубометргача – 1950 сўм;

— 5001 кубометрдан 10 000 кубометргача – 2275 сўм;

— 10 001 кубометрдан кейин – 2600 сўм.

3. Аҳолига фойдаланилган газ ва электр ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда юборилади

2024 йил 1 июндан фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот “базавий меъёр” ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилади.

4. Эҳтиёжманд оилаларга меъёрдан ортиқ ишлатилган электр
ва газ учун пул берилади

Иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга қуйидаги компенсациялар берилади:

– ноябрда 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам;

– электр ва газ бўйича базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади:

газ учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача;

электр учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидаги эҳтиёжманд оилалар учун тўловлар октябрь ойидан бошлаб тўланади.

Эҳтиёжманд оиласифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизимига киритилган оилалар тушунилади. “Маҳалла еттилиги” томонидан Ягона реестрга кирмаган эҳтиёжманд оилаларнинг эса қўшимча рўйхати шакллантирилади.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳам маҳаллалар кесимидаги эҳтиёжманд оилалар қўшимча рўйхатига ўзгартириш киритиши мумкин.

5. Эҳтиёжманд оилалар компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиши керак

Компенсация олувчи эҳтиёжманд оилалар ноябрь – март ойларида (ҳар ойнинг 15-санасигача) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилади.

Бунда, аризада паспорт маълумотлари, абонент рақами ва телефон рақами кўрсатилади. Ариза берилган ойнинг 27-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан биргаликда ўрганилади.

Ўрганиш натижаси асосида компенсация пуллари ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасигача эҳтиёжманд оилаларнинг пластик картасига ўтказиб берилади.

6. Пластик картаси бўлмаган эҳтиёжманд оилаларга карта бепул очиб берилади

Ҳокимликлар Халқ банки билан биргаликда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ 2024 йил 1 ноябргача банк пластик картаси бўлмаган эҳтиёжманд оилалар вакилига бепул асосда пластик карталар очиб берилишини таъминлайди.

от QSHNI

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *