Инспекциянинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча қурилишларда, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектларида рухсат берилган ҳужжатлар мавжудлиги ва шаҳарсозлик норма ҳамда қоида талабларига риоя этилаётганлиги борасида, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳудудий комиссия билан келишмаган ҳолда, ҳеч бир тўсиқларсиз қисқа муддатли (субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) инспекторлик текширувлари ўтказиш;

Текширувни амалга ошириш жараёнида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича, зарурият бўлса, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажариши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

Лойиҳа-пудрат ташкилотлари ва буюртмачи ташкилотлардан қўлланадиган қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ҳамда бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш учун зарур бўлган лойиҳа, технологик, ижро ҳужжатларини ва бошқа материалларни олиш;

Давлат стандартлари ва техник шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, қурилиш материаллари ҳамда буюмлари ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ва қўлланилишини, норматив талаблар ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимлари чидамлилик, пухталик хусусиятлари пасайишига сабаб бўлган даражада бузилганда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг авария хавфи бўлган, объектлар ўзбошимчалик билан қурилган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб туради. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш, уларни реализация қилиш ва қўллаш, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно;

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар тузади ва йўл қўйилган қоида бузилишларида айбдор бўлган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун материалларни судга беради;

Қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари инсон соғлиғи ва ҳаётига зиён етказилишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар беради;

Буюртмачилар, пудратчилар ва лойиҳа ташкилотига шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган (уларнинг буйруқлари билан тайинланган) мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритади;

Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.